Махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолиятнинг қуйидаги турларини амалга ошириш тақиқланади:
- экологик стандартларга ва меҳнатни муҳофаза қилиш стандартларига жавоб бермайдиган ишлаб чиқаришни;
- қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни, қурол ва ўқ-дорилар савдосини;
- ядровий материаллар ва радиоактив моддалар ишлаб чиқаришни, ядровий материаллар ва радиоактив моддалар савдосини;
- алкогол ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни;
- хом терига ишлов беришни, ҳайвонларни ҳайдаб боқишни ёки сўйишни;
- цемент, бетон, цемент клинкери, ғишт, темир-бетон плиталар ишлаб чиқаришни, кўмир, оҳак ва гипсдан маҳсулот ишлаб чиқаришни;
- барча турдаги чиқиндиларни қайта ишлаш, парчалаш, ёқиш, газлаштириш, уларга кимёвий воситалар билан ишлов бериш, уларни якуний ва (ёки) вақтинча сақлаш ва (ёки) ер остига кўмиб ташлашни;
- нефтни қайта ишлаш заводларини, атом электр станцияларини, ядровий қурилмаларни, радиациявий манбаларни, қайта ишланган ядровий ёқилғи, радиоактив моддалар ва чиқиндилар, шунингдек бошқа радиоактив чиқиндиларни сақлаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш учун мўлжалланган пунктлар ҳамда қурилмаларни жойлаштиришни.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан махсус иқтисодий зоналар ҳудудида фаолиятнинг айрим турларига нисбатан тақиқ ва чекловлар жорий этилиши мумкин.